АОКАда 16 март куни Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева иштирокидаги брифингда фуқаролар ўртасида бир-бирини кенг жамоатчилик олдида «самосуд» қилишга қандай жавобгарлик белгилангани борасида маълумот берилди.
Вазирлик ходимининг айтишича, ўзича судлаш (самосуд), яъни қонун тили билан айтганда «ўзбошимчалик» Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 200-моддасига мувофиқ, ўзбошимчалик, яъни ўзининг ҳақиқий ёки назарда тутилган ҳуқуқини фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларига, давлат манфаатлари ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар ёки зиён келтирмаган ҳолда ўзбошимчалик билан амалга оширса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Таъкидланишича, Жиноят кодексининг 229-моддасига кўра, ўзбошимчалик, яъни ҳақиқий ёки фараз қилинган ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан амалга ошириш фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат, жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгилаб ўтилган.
Шунингдек, «самосуд» қилиш натижасида ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказганлик учун ҳам қонунчиликда жавобгарлик белгиланган. Яъни Жиноят кодексининг 103-моддасига кўра, шахсни қўрқитиш, унга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш даражасига ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
«Шу билан бирга, ўзича судлаш (самосуд) оқибатида қасддан одам ўлдириш жинояти содир этилса, Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноий жавобгарликка тортилиб, ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши, жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирса, Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг «л» банди яъни безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш ўн беш йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши белгиланган», — деди Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева.
