Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи давомида Юқори Чирчиқ туманидаги «Evro Global Invest» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020 йил декабрь ойида иш бошлаган «Evro Global Invest» корхонаси йирик йиғма темир-бетон панеллари тайёрлашга ихтисослашган. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати — 40 миллион евро. 7 гектарлик ишлаб чиқариш майдонига Италия, Германия ва Австриядан замонавий линиялар келтириб ўрнатилган.
Таъкидланишича, корхона маҳсулотлари жаҳон стандартларига мос бўлиб, зилзилабардошлиги юқори. Мазкур қурилиш материаллари ишлатилган уйлар таннархи бошқаларга нисбатан 30 фоиз арзон бўлади. Маҳсулотлар рангли қилиб тайёрланиши ҳам мумкин.

Давлати раҳбари материаллар ишлаб чиқариш ва қурилишнинг тўлиқ занжирини ташкил этиб, уй-жойлар нархини янада арзонлаштириш, кўпроқ ёшларни ишга жалб этиш зарурлигини таъкидлаган.
Корхонада айни пайтда 850 нафар ишчи меҳнат қилади. Йил якунигача иш ўринларини 1 минг 500 тага етказиш режалаштирилган. Ушбу корхонада 2021–2022 йилларда Тошкент вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
