Жорий йилнинг 14 март куни Тўрақўрғонда мудҳиш жиноят содир этилди. Бу ҳақда Халқ сўзи хабар бермоқда .
Тунги соат 04.00 ларда Бордимкўл маҳалласи, Гулқишлоқ кўчасида яшовчи, 1994 йилда туғилган, муқаддам икки марта судланган Қ.А. бир нафар фарзанди учун алимент тўламаслик мақсадидаги ғараз ниятини амалга ошириши учун таниши, Мингбулоқ тумани, Меҳнатобод маҳалласида яшовчи, уч нафар фарзанднинг отаси Ш.А. билан биргаликда собиқ турмуш ўртоғи Н.А.нинг ота уйига боради. Икковлон Қ.А.нинг қайнотаси И.Ҳ.ни ухлаб ётганидан фойдаланиб, бош қисмига бир неча маротаба уришади ва қасддан ўлдиришади. Шу пайт И.Ҳнинг ўғли, 2004 йилда туғилган О.А. шовқиндан уйғониб қолади. Қайноғаси воқеанинг шоҳиди бўлганлиги ва қўни-қўшниларга хабар беришидан қўрқиб, унинг қўл-оёғини боғлашади. Сўнгра уни хонадон ҳовлисида турган, марҳум И.Ҳ.га тегишли «Дамас» русумли автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтқазишиб, уйдаги иккита гилам ва «Самсунг» телевизорини ҳам машинага жойлаштиришади.
Содир этилган воқеани яшириш мақсадида жиноятчилар хонадонда турган бензин ёқилғиси ёрдамида И.Ҳ.нинг мурдаси ётган ва бошқа хоналарни ёқиб юборган вақтда Қ.А.нинг ўзи ҳам юз ва қўлларидан жиддий жароҳатланади. Улар ҳодиса жойидан яшириниб, «Дамас»да туман марказига йўл олишади. Ш.А. йўлда тушиб қолади, Қ.А. эса олган жароҳатларини шифокорга кўрсатиш учун туман тиббиёт бирлашмасига кириб кетган вақтда О.А. қўл-оёғини бўшатиб, автомашинани ҳайдаб қочишга муваффақ бўлади ҳамда яқин-қариндошлари орқали ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига хабар беришга улгуради. Айни пайтда уларнинг ён қўшниси Э.Хушназаров хонадондан чиқаётган тутунни кўриб, вилоят ФВБга қарашли туман ёнғин хавфсизлиги хизматига қўнғироқ қилади.
Жиноятчилар жуда тез вақт ичида қўлга олинди.
ИИБ жиноят-қидирув бўлими тезкор вакили, катта лейтенант Шавкатжон Қосимовнинг маълум қилишича, Қ.А. туман тиббиёт бирлашмаси дарвозасидан кириб, қўлга тушиб қолишидан чўчиб, ортга қайтади ва Наманган шаҳридаги «Гўзал» шифохонасига йўл олади.
— Куйган жароҳатларини далада ўт ёқиб ўтирганда олдим, деб шифокорларга тушунтирган пайтда биз аллақачон унинг изига тушгандик, — дейди тезкор вакил. — Унинг жиноий шериги, «қассоб» лақаби билан танилган Ш.А.ни эса уйидан топдик. Хуллас, бир соат вақтнинг нари-берисида жиноятчилар ушланди. Ҳозирда туман прокуратураси томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб бориляпти.
Туман маданият марказида ушбу жиноятни таҳлил этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда иштирок этган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов содир бўлган мудҳиш воқеа маҳалла билан профилактика инспекторининг ҳамкорлиги етарли эмаслигида, деб баҳолади. Чунки бундай ҳолатлар бирданига содир бўлмайди. Хушёрлик билан ҳар қандай жиноятнинг олдини олиш мумкин.
Муҳокама йиғилишида вилоят ИИБ бошлиғи Адил Атаходжаев, вилоят прокурори Жаҳонгир Ҳотамов, меҳнат фахрийлари сўзга чиқишди. Улар айтганидай, Тўрақўрғондай меҳнаткаш, маданиятли халққа эга туманда бундай воқеалар содир бўлмаслиги керак.
