Маълум қилинишича 21 март куни соат 12:10 ларда, Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, А.Навоий кўчасида, бозор рўпарасида ЙПХ ходимлари М.Нурматов ва Ф.Давроновлар томонидан «Ваз-2102» русумли автомобиль тўхтатилган.
Ҳайдовчи ҳужжатлари аёлида эканлигини маълум қилган. Ходимлар ўрнатилган тартиб асосида ҳайдовчига тушунтириш бериб, автомобиль жарима майдончасига жойланишини айтишган.
Мулоқот вақтида бир аёл киши бозордан чиқиб, уларнинг олдига келган. Ходимларга ҳайдовчининг ҳужжатлари унда эканлигини айтиб, фақат кўрсатишини, лекин тақдим қилмаслигини маълум қилган.
Ходимлар аёл кишига ҳужжатларни тақдим қилишини бир неча маротаба сўраган. Атрофга фуқаролар тўпланиб, низоли ҳолат юзага келишни бошлагани боис ходимлар ҳайдовчи ва ёнидаги аёл киши кетишига рухсат беришган.
Видео лавҳадаги ҳолат юзасидан ҳозирда Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
