• Chor. Mar 29th, 2023

YANGILIK .RU

АХБОРОТ ПОРТАЛИ

Самбо бўйича жаҳон чемпионати Москвадан Тошкентга кўчирилди

ByМухбир

Mar 25, 2021

Самбо бўйича 2021 йилги жаҳон чемпионати ўтказилиши Москвадан Тошкентга кўчирилди. Бу ҳақда Халқаро самбо федерацияси (FIAS) маълум қилди.

Бунга спорт ҳакамлик суди (CAS) 2020 йил декабрда Россияга икки йил давомида жаҳон чемпионатлари, Олимпия ва Паралимпия ўйинларини ўтказишни тақиқлаб қўйгани сабаб бўлган.

Март ойида Россия самбо федерацияси FIAS ва Москва мэриясидан жаҳон чемпионатини 2025 йилга кўчиришни илтимос қилган.

FIAS’да таъкидланишича, жаҳон чемпионатини ўтказишга Ўзбекистон самбо ассоциацияси ҳам ариза берган ва у маъқулланди. Чемпионат 11-15 ноябр кунлари бўлиб ўтади.

“Биз Ўзбекистон самбо ассоциациясидан жаҳон чемпионатини ўтказишга ариза олдик. Тошкентда 2025 йилда Ўсмирлар Осиё ўйинлари ўтказилишини ҳисобга олиб, Ўзбекистонга ушбу чемпионатни ўтказиш имкониятини беришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман”, деб айтган FIAS президенти Василий Шестаков

Осиё самбо иттифоқи президенти Аламжон Муллаев мусобақа иштирокчиларига виза ёрдами кўрсатилишини таъкидлаб ўтган.

“Пандемия билан боғлиқ мураккаб вазият сабабли Ўзбекистон элчихонаси йўқ давлатлар спортчиларига виза ёрдами кўрсатилади. Улар Ўзбекистонга келишлари биланоқ аэропортда виза оладилар. Мусобақада иложи борича кўпроқ давлат вакиллари иштирок этиши учун Ўзбекистон элчихонаси бор давлатларда виза олиш жараёни тезлаштирилади”, деб айтган Муллаев.

Шу тариқа, Тошкент 2021 йилда самбо бўйича иккита йирик мусобақани – июнда Осиё чемпионатини, ноябрда эса жаҳон чемпионатини қабул қилади.

Аввалроқ CAS Жаҳон аксилдопинг агентлиги Москва аксилдопинг лабораторияси маълумотлар базасидаги сохталаштиришлар учун Россияга нисбатан санкциялар қўллаганини ҳаққоний деб топганди. CAS қарорига кўра, россиялик спортчиларга 2 йил давомида барча йирик мусобақаларда фақат нейтрал мақомда иштирок этишга рухсат берилган. 

136