• Shan. Mar 25th, 2023

YANGILIK .RU

АХБОРОТ ПОРТАЛИ

Тошкентда материалшунослик университети очилади

ByМухбир

Mar 26, 2021

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига 25 март куни Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент материалшунослик университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарорга кўра, қуйидагилар университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

  • республика иқтисодиёти реал секторининг эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, материалшунослик ва янги материаллар технологияси, шунингдек, бошқа соҳаларда юқори малакали олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;
  • юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни, шунингдек, хорижда фаолият юритаётган ватандошларни жалб этган ҳолда етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан кенг ҳамкорликни амалга ошириш;
  • республика ва хорижий давлатлар кадрларининг малакасини ошириш, илғор хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;
  • таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
  • илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш.

Қайд этилишича, университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади, мустақил балансига эга, ихтиёрида бўлган пул маблағлари ва мол-мулки билан ўз мажбуриятлари доирасида жавоб беради. Университетда ўқув-методик раҳбарлик ва таълим жараёнининг олиб борилиши тузиладиган битимлар асосида республиканинг техника ва технологиялар соҳасидаги етакчи олий таълим муассасалари ҳамда хорижий олий таълим муассасалари билан биргаликда таъминланади. Университет томонидан барча лицензия талаблари ва шартлари бажарилгандан сўнг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда лицензия расмийлаштирилади;

Шунингдек, университет битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган давлат намунадаги диплом берилади. Университетга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби ва қоидалари Университет томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.

122