Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлар сони яна биттага кўпайди - YANGILIK .RU yangilik.ru
  • Shan. Noy 26th, 2022

YANGILIK .RU

АХБОРОТ ПОРТАЛИ

Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлар сони яна биттага кўпайди

ByМухбир

Fev 7, 2021

Жорий йил 3 февраль куни Ўзбекистон ва Сан-Марино ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги протоколни расмий имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мамлакатимизнинг Италиядаги элчихонаси маълумотига кўра, ҳужжатни Ўзбекистон томонидан элчи Отабек Акбаров, Сан-Марино томонидан эса ушбу давлатнинг Италиядаги элчиси Даниела Ротондаро имзолади.

Икки мамлакатда ички процедуралар ўтказилгандан сўнг, мазкур ҳужжат кучга киради ва Сан-Марино Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 136-давлат бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Сан-Марино дунёдаги энг кичик давлатлардан бири (майдони – 61 квадрат километр) ҳисобланади. Мамлакат Жанубий Европада жойлашган ва тўрт томондан ҳам Италия билан чегарадош. Дунёдаги энг қадимги конституциялардан бири амал қиладиган Сан-Марино унинг замонавий чегараси эътиборга олинганда Европанинг энг узоқ тарихга эга давлати ҳисобланади (эрамизнинг 301 йили). Бундан ташқари, Сан-Марино аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи (2020 йил – 56 минг 690 доллар) бўйича дунёдаги энг бой мамлакатлардан биридир.

Элчи Даниела Ротондаро Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш Сан-Марино учун муҳим ташқи сиёсий воқеа экани, ўзаро манфаатли ҳамкорликни икки ва кўп томонлама шаклларда ривожлантириш учун катта имкониятлар очишини таъкидлади. Дипломатик ваколатхона раҳбари, хусусан, Римда жойлашган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) доирасида ўзаро ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. Унинг фикрига кўра, икки мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш ҳамда камбағалликни бартараф этишда биргаликда ишлаши мумкин. Шу нуқтаи назардан элчи Ўзбекистонни ўтган йил ноябрь ойида Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё учун 32-минтақавий конференциясининг муваффақиятли ўтказилгани, шунингдек, ФАОнинг Римдаги бош қароргоҳида Ўзбекистон зали (Uzbekistan Lounge) ташкил этиш тўғрисидаги битим имзолангани билан табриклади.

Шунингдек, у ўзаро муносабатларни савдо-иқтисодий ҳамкорлик орқали ривожлантиришдан манфаатдорлигини қайд этди. Хусусан, элчининг сўзларига кўра, Сан-Марино инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, икки томонлама солиққа тортмаслик тўғрисидаги шартномаларни ишлаб чиқиш ва имзолашга тайёр. Даниела Ротондаро биргаликда Ўзбекистон савдо-иқтисодий ва сармоявий салоҳияти тақдимотига бағишланган бизнес-форумлар ва бошқа тадбирлар ташкил этишни таклиф қилди. Европа Иттифоқи билан яқин алоқада бўлган Сан-Марино Ўзбекистон компаниялари ва экспортчиларига Европа бозорларига чиқиш учун яхши имкониятлар тақдим этиши мумкин.

Яна бир муҳим йўналиш туризм соҳасидаги ҳамкорлик бўлиши мумкин. Ҳар йили 3 миллиондан зиёд сайёҳни қабул қиладиган Сан-Марино бу борадаги бой тажрибаси билан алмашишга тайёр.

191