Дуров Telegram’да ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳақида маълумот берувчи каналларни блоклади - YANGILIK .RU yangilik.ru
  • Chor. Iyul 6th, 2022

YANGILIK .RU

АХБОРОТ ПОРТАЛИ

Дуров Telegram’да ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳақида маълумот берувчи каналларни блоклади

ByМухбир

Fev 7, 2021

Telegram асосчиси Павел Дуровнинг маълум қилишича, мессенжер судьялар, прокуратура, хавфсизлик хизмати ходимлари ва журналистларнинг телефон рақами ва манзиллари эълон қилинадиган каналларни блоклаб қўйган. Бунга сабаблардан бири сифатида Дуров ушбу каналларда зўравонликка чақириқлар борлигини кўрсатди, деб ёзмоқда «РБК».

«Telegram’дан бундай мақсадда фойдаланиш бизнинг зўравонликка оммавий даъватни тақиқловчи сиёсатимизга зид. Россиядаги вазиятнинг ниҳоятда мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда биз шошмашошарлик билан қарор қилиб, зиён келтиришни истамадик. Аксинча, вазиятни синчковлик билан таҳлил қилдик» — дея таъкидлаган Дуров.

Унинг қўшимча қилишича, ушбу каналларнинг мавжудлиги мессенжернинг iOS версияси учун фавқулодда янгиланиш функциясининг ишлашига имкон бермаган. Дуровнинг ёзишича, Apple бунга норозилик билдирган ва Telegram маъмурияти «муаммоли каналларни блоклашга» қарор қилган.

Дуров Telegram канал муаллифларига мурожаат қилиб, «зўравонлик чақирувларини ва бошқа шахсларнинг шахсий маълумотларини тарқатмаслик»ни сўраган.

«Биз сиёсий қарашларидан қатъи назар, барча бузғунчиларга ўз қоидаларимизни мунтазам равишда татбиқ қилиб, Telegram’ни App Store ва Google Play’да янгилаб боришда давом этамиз»— деди Дуров.

Сўнгги икки ҳафта ичида Россияда мухолифатчи Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаш учун уч маротаба норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишлар Навальний «Ив Роше» иши бўйича ҳибсга олинганидан кейин бошланган.

Намойишлар олдидан ҳукумат ижтимоий тармоқларда ноқонуний хатти-ҳаракатларга даъват, шу жумладан, вояга етмаганларга қаратилган чақириқларни аниқлаганини маълум қилган. Прокуратура илтимосига биноан Роскомнадзор (ОАВни назорат қилувчи федерал хизмат) ижтимоий тармоқларга, шу жумладан, «ВКонтакте», Facebook, Instagram’га ўз саҳифаларидаги митингга чақириқларни олиб ташлашни сўраган.

99