Самарқанд вилояти Булунғур туманида 25 март куни «Damas» ва «ЗИЛ» тўқнашуви оқибатида «Damas» ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, ҳолат 25 март куни Самарқанд вилояти Булунғур туманида Оқтепа маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-238 автомобиль йўлининг 18-километрида содир бўлган. Мазкур ҳудудда ҳаракатланган «Damas» ҳамда «ЗИЛ» машиналари ўртасида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган. Қайд этилишича, ЙТҲ оқибатида «Damas» ҳайдовчиси тан жароҳатлари сабабли воқеа жойида ҳалок бўлган.
Таъкидланишича, шу каби автоҳалокатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида туманнинг Зарафшон маҳалласида муҳокама ўтказилган. Унда Самарқанд вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳодимлари, маҳалла фаоллари ва марҳумнинг яқин қариндошлари сўзга чиқиб, йўлларда ҳушёрликни оширган ҳолда ҳаракатланиш кераклигини айтиб ўтган.
