Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан муборак Рамазон ойини муносиб тарзда кутиб олиш, уни юқори савияда ўтказиш ва Таровеҳ намозларида мўмин-мусулмонларга қулай шарт-шароитлар ҳозирлаш мақсадида масжидларда тайёргарлик ишлари бошланди. Бу ҳақда мусулмонлар идораси маътбуот хизмати хабар берди
Жумладан, масжидларда Таровеҳ намозларига қулай шарт-шароитларни ҳозирлаш мақсадида, жорий йилнинг 10 апрель, шанба куни “Озодалик куни” ўтказилади.
Коронавирус касаллиги билан боғлиқ мураккаб вазият давом этаётганини инобатга олган ҳолда таровеҳ намозларида санитария-эпидемиологик назорат кучайтирилади. Хусусан, намозхонлар тиббий ниқобда бўлиш, оралиқ масофани сақлаш, ташриф буюрувчилар тана ҳароратини ўлчаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин тартиб-қоидаларига риоя қилинади.
Масжидларда электр, газ ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда намоз ўқиладиган жойлар муҳофазасига катта эътибор қаратилади, техник жиҳозларнинг созлиги кўрикдан ўтказилади.
Имом-хатиблар тамонидан ОАВ ва Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган чиқишлари қилинади. Шунингдек масжидлардаги Таровеҳ намозларининг шукуҳи, мўмин-мусулмонларнинг хушкайфияти ҳам кенг ёритилади.
