Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси телеканаллари орқали 2021/2022 йилги мавсумдан бошлаб Европанинг энг томошабоп спорт турнирлари трансляция қилинади.
«Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримовнинг маълум қилишича, янги мавсумдан бошлаб Европа Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва яна учта турнирни Ўзбекистон ҳудудида ТВ-трансляция қилиш ҳуқуқини МТРК қўлга киритган.
«Ўзбекистон МТРК футбол бўйича УЕФA Чемпионлар Лигаси, Европа Лигаси, Конференциялар лигаси, Суперкубок, ўсмирлар лигаси мусобақаларининг мамлакатимизда кўрсатиш ҳуқуқини олди. Энди дунёнинг энг кўп кўриладиган турнирлари Спорт телеканалида намойиш этилади», – дея ёзади «Спорт» ТВ директори твиттердаги саҳифасида.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда клублар ўртасида Европанинг энг нуфузли турнирлари саналмиш ЕЧЛ ва Европа лигаси ўйинларини намойиш этиш ҳуқуқи «UzReportTV» ва «FutbolTV» каналларида эди.
