• Chor. Mar 29th, 2023

YANGILIK .RU

АХБОРОТ ПОРТАЛИ

Фарғонада ИИБ биносидан ўлиги чиққан 20 ёшли йигит бўйича маълумот берилди

Ички ишлар вазирлиги Фарғона вилояти Қува туманидаги маҳкамада 20 ёшли йигитнинг вафот этгани юзасидан изоҳ берди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров Қувада 20 ёшли йигит ички ишлар маҳкамасига кириб, ўлиги қайтгани ҳақида ёзганди. Блогернинг сўзларига кўра, йигит ниқоб масаласи бўйича ички ишлар ходимлари билан тортишиб қолган.

«Қувада (Фарғона) 20 ёшли, соппа-соғ йигитни ИИВ ҳодимлари «суҳбат қилиш» учун олиб кириб кетиб, ўлигини олиб чиқиб беришибди. Йиқилиб тушганмиш.

Аллоҳ марҳумнинг яқинларига сабр берсин..

Эшитишимча, ниқоб бўйича жарима қилишмоқчи бўлишганда, 20 ёшли бола ва ИИБ ҳодимлари орасида бироз тортишув бўлибди. ИИБ ҳодимлари йигитни «эсини киритиб қўйиш» мақсадида олиб кириб кетишган, маълум муддатдан кейин «йиқилиб тушиб», вафот этган болани мурдасини олиб чиқиб беришибди», деб ёзади блогер.

Мазкур хабар ижтимоий тармоқларда жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ўз навбатида ИИВ ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, блогернинг иддаоларини инкор қилди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 2 апрель куни Қува тумани Қалинпўстин маҳалласи бўйлаб пиёда кетаётган, 2001 йилда туғилган фуқаро А.Анваров йиқилиб тушиб, соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли шифохонага олиб борилган. Тиббий муолажаларга қарамасдан, шу куни А.Анваров шифохонада вафот этган.
Суд тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотида, фуқаро А.Анваровнинг ўлимига ўткир юрак-ўпка етишмовчилиги, юракни ишемик касаллиги, икки томонлама буйраклар поликистози сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Шунингдек, жорий йил 31 март куни Қува туман ИИБ ҲПБ профилактика инспекторлари туманнинг Қалинпўстин МФЙ ҳудудида хизмат олиб бораётган пайтида фуқаро А.Анваров карантин қоидаларини бузиб, ниқоб тақмаган ҳолда юрганлиги сабабли тўхтатилганида А.Анваров шахси тўғрисида бирор-бир маълумот тақдим этмаган.

Сўнг, А.Анваровни шахсига ойдинлик киритиш мақсадида Ҳуқуқ-тартибот масканига олиб борилган.

Фуқаро А.Анваров содир этган ҳуқуқбузарлигини тушуниб етганлигини, моддий томондан қийналганлигини маълум қилганлиги боис, отаси Ё.Халилов иштирокида профилактик суҳбат ўтказилиб, расмий огоҳлантирилган ва отаси билан биргаликда яшаш хонадонига рухсат берилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қува туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

364