Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси хабарига кўра, ҳолат 2021 йил 6 апрель куни соат 16:00 ларда содир бўлган.
Аниқланишича, илгари республика Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси “SP LUXE” МЧЖ қўшма корхонасига 197,2 минг гектар яйлов ер майдон ажратган.
Кластер “SP LUXE” раҳбарияти “Соҳибкор Ҳожиакбар” фермер хўжалиги билан 49 йилга 834 гектар яйлов ер майдонини ижарага олиш бўйича шартнома тузган.
Унда 1450 бош майда шохли молларни боқиш кўрсатилган. Аммо у ерда фермер хўжалиги раҳбари 4 мингдан зиёд чорва молларини боққан. Бу эса “Қиличли” маҳалласи фуқароларининг норозилигига сабаб бўлган. Кейин маҳаллий қўйларни туман марказига ҳайдаб келган.
Шундан сўнг, туман ҳокими, туман ички ишлар бўлими бошлиғи бошчилигида “SP LUXE” МЧЖ қўшма корхонаси иш бошқарувчиси ҳамда фуқаролар билан йиғилиш ўтказилган.
Юқоридаги шартномани бекор қилиниши мутассаддилар назоратига олинган.
Биринчи навбатда қишлоқ аҳолиси чорва моллари учун яйлов ажратилиши бўйича келишиб олинган.
