Ушбу ҳаракат ЛГБТга қарши кураш дея баҳоланган. Бу ҳақда адлия вазири маслаҳатчиси ва блогер Шаҳноза Соатова маълум қилди.
“Кеча ўғлимнинг синфига кириб дарс пайти болаларнинг оёқ кийимини ечтириб, пайпоғини кўришибди: калтами-узунми. Калта пайпоқли оёқларни суратга олишибди. Буни ЛГБТга қарши кураш деб тушунтиришибди”, – деб ёзади Шаҳноза Соатова.
Унинг суриштирувига кўра, Халқ таълими тизимидан бундай топшириқ берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, “Муносабат” ижтимоий-сиёсий телекўрсатувида Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Мансур Мусаевнинг Европада калта пайпоқ ноанъанавий жинсий ориентация вакилларининг рамзи эканлигини айтиши ортидан ушбу мавзу жамоатчилик томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.
