Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ташкил этилади - YANGILIK .RU yangilik.ru
  • Pay. Iyul 7th, 2022

YANGILIK .RU

АХБОРОТ ПОРТАЛИ

Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ташкил этилади

ByМухбир

Apr 19, 2021

Наманган шаҳри таркибида ер майдони 8 223 гектар бўлган Янги Наманган тумани ташкил этилади. Бу ҳақдаги Қонунчилик палатаси қарори лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг қайд этишича, Наманган шаҳри 1926 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда унинг аҳолиси 640,1 минг нафарни, умумий ер майдони 18 минг гектарни ташкил этади. 2019 йилда Чортоқ ва Наманган туманларидан 57 минг нафар аҳоли истиқомат қилувчи ҳудудлар ҳамда 6,3 минг гектар ер майдонлари қўшилганлиги сабабли, ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг шаҳар марказига қатновида муаммолар юзага келмоқда.

Шунингдек, хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасалари шаҳар марказидан 15-20 километр узоқликда жойлашганлиги, саноат корхоналарининг камлиги ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 18—19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида Наманган шаҳар ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида Янги Наманган туманини ташкил этиш таклифини киритган эди. Ушбу таклиф халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши ҳамда Наманган вилояти кенгашининг қарорлари билан маъқулланган.

Қабул қилинган қарорга мувофиқ, Наманган шаҳрида жойлашган 79 та маҳалладан 24 таси, 70 та мактабгача таълим муассасасидан 40 таси, 85 та умумтаълим мактабидан 21 таси, 6 та оилавий поликлиникадан 2 таси ва 52 та касалхонанинг 12 таси Янги Наманган тумани таркибига ўтказилмоқда.

Янги туман ҳудудида 16 та саноат корхоналари ва 4 та кичик саноат зонаси барпо этилади. Ташкил этилаётган кичик саноат зоналарида 245 миллиард сўмлик 62 та лойиҳада 2600 та янги иш ўрни яратиш белгиланмоқда.

Наманган шаҳрининг «Мингтерак», «Бунёдкор», «Мустақилликнинг 5 йиллиги», «Ахсикент», «Машраб», «Маънавият», «Фурқат», «Гулистон», «Беруний», «Мингчинор», «Тинчлик», «Ёшлик», «Оромгоҳ», «Атанган гузар», «Янги замин», «Меҳнатобод», «Сиҳатгоҳ», «Гўзал», «Чаманзор», «Ишонч», «Шербулоқ», «Келажак тонги», «Соҳил» ва «Истиқбол» маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳудудлари Янги Наманган тумани таркибига ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 11 сентябрдаги қарори билан Давлатобод тумани қайта ташкил этилган ва унинг раҳбарияти тайинланган эди. Наманган шаҳри таркибида аввал ҳам Давлатобод тумани бўлган, бироқ 2004 йилда ушбу туман тугатилганди.

115