Яккасарой ҳокимининг 442 та уйни бошқарув ташкилотларига бериш тўғрисидаги қарори бекор қилинди - YANGILIK .RU yangilik.ru
  • Chor. Iyul 6th, 2022

YANGILIK .RU

АХБОРОТ ПОРТАЛИ

Яккасарой ҳокимининг 442 та уйни бошқарув ташкилотларига бериш тўғрисидаги қарори бекор қилинди

ByМухбир

Apr 19, 2021

Адлия вазирлиги томонидан киритилган тақдимномага кўра, Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳокимининг 442 та уйни бошқарув ташкилотларига бериш тўғрисидаги қарори бекор қилинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

28 январида фуқаро В.Ч.нинг Тошкент шаҳри Яккасарой туман ҳокимлиги томонидан ноқонуний равишда тумандаги кўп квартирали уйларни бошқариш учун бошқарув ташкилотларига бериш ҳақида қарор қабул қилингани ҳақидаги мурожаати Адлия вазирлигига келиб тушган.

Вазирлик томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида мурожаатда билдирилган важлар ўз тасдиғини топган.

Хусусан, «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ кўп квартирали уйни бошқаришни бошқариш ташкилотига беришнинг тартиби ва шартлари аниқ белгиланган.

Жумладан, кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида мулкдорлар ўртасида келишувга эришилмаган тақдирда уч ойлик муддатда кўп квартирали уйни бошқариш органи вазифаларини амалга оширувчи бошқарув ташкилотини ёки бошқарувчини очиқ танлов орқали белгиланади, танлов ҳақидаги маълумот Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайтига ва бошқа оммавий ахборот воситаларига жойлаштирилади.

«Бироқ ушбу қонун талабларига риоя этилмаган ҳолда Яккасарой туман ҳокимининг 2021 йил 15 январдаги ‘Яккасарой туманида кўп қаватли уй-жой фондини бошқарув компанияларига бириктириш тўғрисида’ги 21-сон қарори қабул қилиниб, қарорга мувофиқ тумандаги 442 та кўп қаватли уйлар 7 та бошқарув ташкилотларига бириктириб берилган», — дейилади хабарда.

Ушбу аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан Адлия вазирлиги томонидан туман ҳокимлигига тақдимнома киритилган ва туман ҳокимининг 2021 йил 1 апрелдаги 151-сон қарори билан туман ҳокимининг юқоридаги қарори бекор қилинган.

95