Жиззахлик аёл фарзандининг қотилини 5 йилдан бери излаб юргани айтилган хабарга изоҳ берилди - YANGILIK .RU yangilik.ru
  • Pay. Iyul 7th, 2022

YANGILIK .RU

АХБОРОТ ПОРТАЛИ

Жиззахлик аёл фарзандининг қотилини 5 йилдан бери излаб юргани айтилган хабарга изоҳ берилди

ByМухбир

Apr 30, 2021

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида яшовчи аёл фарзандининг қотилини 5 йилдан бери излаб юргани ҳақида хабар тарқалди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан баёнот берди.

Хабарга кўра, аёл марҳум ўғли Р.З.ни у билан бирга чўмилишга борган 8 нафар шахслар уриб, тан жароҳати етказгани ва сувга ташлаб ўлдиргани ҳолати бўйича айбдор шахсларга чора кўрилмаётгани ҳақида мурожаат билан чиққан. Аниқланишича, 2016 йил 4 июль куни соат 14:30 ларда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани, Маданият ҚФЙ, Кўкгумбаз қишлоғида яшовчи 1994 йилда туғилган Р.З. 1-Қанғли қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи Сангзор дарёси бўйида жойлашган балиқ етиштириш учун махсус ихтисослаштирилган сунъий сув ҳавзасида чўмилаётган вақтида чўкиб ҳалок бўлган.

Таъкидланишича, марҳумнинг ўлими ҳолати юзасидан жами 5 маротаба суд-тиббий экспертизаси ўтказилиб, мурда 2 маротаба эксгумация қилинган. Хусусан, Суд-тиббий экспертиза Бош бюросининг 2018 йил 24 апрелдаги қайта экспертизаси хулосасида Р.З.нинг ўлимига юқори нафас йўлларининг сув билан беркилиши натижасида келиб чиққан механик асфикция сабаб бўлганлиги кўрсатилган. Ҳолат юзасидан 2016 йилнинг август ойидан 2018 йилнинг май ойига қадар Ғаллаорол ва Фориш туман прокуратуралари томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, 4 маротабадан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.

Ўз навбатида марҳумнинг онаси мурожаати, шунингдек, ҳолат бўйича ҳақиқатни аниқлаш ва якуний тўхтамга келиш мақсадида айрим тергов ҳаракатлари ўтказилиши лозимлигини инобатга олган ҳолда 2018 йил 7 майда Жиззах вилояти прокуратураси томонидан Р.З.нинг ўлими ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши терговни холисона бўлишини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоят прокуратурасига юборилган. Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган тергов натижасига кўра, жиноят иши 2018 йил 25 октябрда Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан тугатилган.

Шу билан бирга, ишга янада ойдинлик киритиш мақсадида мазкур жиноят иши 2018 йил 3 ноябрда Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси иш юритувига олинган ва ўтказилган қўшимча тергов натижасига кўра, охирги маротаба 2019 йил 12 майда жиноят ишини Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган. Мазкур қарор Бош прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганилиб, асосли деб топилган.

120