Шавкат Мирзиёев 1 май куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида барпо этилаётган боғ ҳудудига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 25 февраль куни ушбу боғ лойиҳаси муҳокама қилинган эди. Шу муносабат билан бу ерга парламент ва ҳукумат аъзолари, Тошкент шаҳри жамоатчилиги, нуронийлар, илм-фан ва санъат вакиллари, спортчилар, ёшлар йиғилди.
«Бугунги муборак Рамазон кунларида сизлар билан кўришиб турганимдан хурсандман. Халқимиз учун муносиб шароитлар яратиш бўйича кўп ишларни бошлаганмиз. Худо хоҳласа, мана шу баҳаво жойда 104 гектарлик боғ барпо этмоқчимиз. Бу хайрли ишнинг бошланиши ҳозирги улуғ айём кунларига тўғри келгани ҳам хосиятли, деб ўйлайман», — деди Шавкат Мирзиёев.
Маълум қилинишича, янги боғ нафақат манзараси, ландшафти, умуман, боғнинг умумий кўриниши улкан дарахтнинг бешта шохи шаклида бўлади. Бу Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини ифодалайди.
Боғни оддий парк эмас, маданият ва маънавият масканига айлантириш мақсад қилинган. Каштан, эман, чинор, лола, липа боғлари барпо этилиб, ноёб манзарали дарахтлар, буталар ва гуллар экилади. Сунъий кўл, спорт майдонлари, болалар ўйингоҳлари, фавворалар қурилади.
Мустақиллиқнинг 30 йиллигига бағишланган Истиқлол мажмуаси ҳам шу ерда барпо этилади. Президент бу мажмуанинг тарихий-ғоявий аҳамиятини таъкидлади. Шунингдек, мазкур боғнинг ёнида Олимпия шаҳарчаси ҳам бунёд этилади.
«Бу йил мустақиллигимизнинг 30 йиллигини нишонлаймиз. Лекин давлатчилигимиз 3 минг йиллик. Бу ана шу буюк тарихни кўрсатадиган мажмуа бўлади. Бу ерга келган ёшларимиз, чет эллик меҳмонлар ҳам шуни англайдиган далиллар акс эттирилади», — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев бу боғ Ўзбекистоннинг янги қиёфасини, улкан салоҳиятини, кўп миллатли халқимизнинг жипслиги ва аҳиллигини намоён этадиган мажмуа бўлиши кераклигини таъкидлади. Шуни ҳисобга олиб, бу боққа «Янги Ўзбекистон» деб ном беришни таклиф этди. Йиғилганлар бу таклифни қўллаб-қувватлади.
Давлат раҳбари жамоатчилик билан бирга янги боққа кўчатлар ўтқазди.
