105 хотинга уйланган инсон - YANGILIK .RU yangilik.ru
  • Chor. Iyul 6th, 2022

YANGILIK .RU

АХБОРОТ ПОРТАЛИ

105 хотинга уйланган инсон

ByМухбир

Fev 10, 2021

У ўз «ўлжа»ларига бу ерлардан бироз узоқроқда яшашини айтиб, уларни ўзи билан кетишга кўндирар эди. Аёллар нарсаларни йиғиб, кўчиб ўтишга тайёр бўлгач эса кейинроқ қўнғироқ қилишни ваъда қилиб, юкларни машинага ортиб, ғойиб бўларди. Аёллар эса уни бошқа кўрмас эдилар. Бугун «Дарё» 105 аёлга уйланиб, уларни чув туширган фирибгар Жованни Виглиотто ҳақида ҳикоя қилади.

Ниҳоят Виглиоттонинг 105-қурбони уни излаб топишга қарор қилади. У Виглиотто билан эски-тускилар бозорида учрашган эди. Шунинг учун аёл уни эски-тускилар сотадиган бозорлардан излашга қарор қилади ва охир-оқибат уни аёлнинг мебелларини сотаётган вақтида Флорида штатида топади. Қўнғироққа жавобан етиб келган полиция фирибгарни дарҳол ҳибсга олади.

Жаноб Виглиотто ўзининг асл исми Николай Перусков эканлигини ва у 1929 йил 3 апрелда Сицилияда туғилганлигини айтади. Аммо Марикопа округи прокурорининг ўринбосари жаноб Дэвид Столлер Виглиоттонинг ҳақиқий исми Фред Жипп эканлигини ва у 1936 йил 3 апрелда Нью-Йорк шаҳрида туғилганлигини таъкидлайди.

Виглиоттога қарши суд жараёнлари у 53 ёшга кирганда, 1983 йилнинг 28 мартида, Аризона штатининг Феникс шаҳрида бошланган. 11 апрелда у фирибгарликда айбланиб йигирма саккиз йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинган ва кўпхотинлик учун 336 минг доллар жаримага тортилган.

Суд жараёнлари даврида ҳар куни суд зали асосан аёллар билан гавжум бўлар, уларнинг кўпчилиги жойсиз қолмаслик учун бинога суд бошланишидан уч соат олдин келиб олар эдилар. Кўпчилик 90 дақиқалик тушлик танаффуси пайтида ҳам суд залини тарк этмасди. Бу чин маънода ўта мукаммал ишланган спектаклга ўхшаб кетар эди. «Ўйлайманки, бу улар кўрган энг яхши спектакль», – дейди Марикопа округининг суд маълумотлари бўйича ходими Роб Ракер.

Суд Виглиоттога унга қўйилган фирибгарликка оид айбловлар бекор қилинишини ва бунинг эвазига у кўпхотинлик айбловини тан олишини таклиф қилади. Шундан сўнг Виглиотто 105 та хотинининг исми, манзиллари ва никоҳ саналари акс этган жадвал тузган.  Шунингдек, у ўзи фойдаланган 50 та тахаллусни иккинчи жадвалга туширади. Фирибгарнинг хотинлари орасида нафақат америкаликлар, балки канадалик, италиялик, англиялик ва ҳатто гонгконглик аёллар ҳам бўлган. Улар Виглиоттонинг катта-катта қора кўзлари ва жингалак сочлари, овози ва сўзларидаги гипноз қилиш хусусияти ҳақида таъкидлайдилар.

Виглиоттонинг хотинларидан бири Шарон Кларк тўй маросимдан уч ҳафта ўтгач эри унинг 49 минг доллар пулини олиб қочганлиги ҳақида гувоҳлик беради.

Жаноб Виглиотто дунё бўйлаб саёҳат қилгани, кўплаб хотинлари билан эски-туски бозорларида учрашгани ва 1953- ва 1954 йилларда марказий разведка бошқармасида шартнома бўйича агент бўлиб ишлаганлиги, Фредерик Жипп, Жон Мендоза ва Жон Брикионе каби бир қанча исмлардан фойдаланганлиги тўғрисида гувоҳлик беради. Танишув ери айнан эски-тускилар бозори бўлишининг сабаби шунда эдики, Виглиоттонинг ўзи шундай бозорларда сотувчилик қилган.

Жованни Виглиотто энг таниқли полигамист сифатида ҳатто Гиннеснинг рекордлар китобига киради. У ўттиз икки йил ичида 105 марта расмий никоҳдан ўтади. 28 йилга қамалган фирибгар қамоқнинг саккизинчи йилида миясига қон қуйилиши оқибатида Марикопа тиббиёт марказида вафот этади. Ажабланарлиси шундаки, Виглиотто умрининг охиригача ўз хотинларидан ишқий номалар-у мактублар қабул қилган. Ҳеч вақосиз қолдиришига, хонавайрон қилишига қарамай уни чиндан яхши кўрган хотинлари бўлган.

164