Президент томонидан Тошкентдаги ҳар бир маҳаллага ажратилаётган 2 млрд сўм туман ҳокимликлари қошида ташкил этилган махсус жамғармаларга йўналтирилади. Бу ҳақида АОКАда бўлиб ўтган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати Саодат Боймирзаева хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу маблағларнинг тўғридан-тўғри маҳаллаларга ажратилиши ва уларнинг маҳалла раислари томонидан сарфланиши бўйича билдирилаётган фикрлар ҳуқуқий асосга эга эмас.
Мазкур маблағлар ўрнатилган тартибга кўра туман ҳокимликлари қошида ташкил этилган махсус жамғармаларга йўналтирилади ҳамда уларнинг сарфланиши бўйича халқ депутатлари туман Кенгашларига тегишли тартибда ҳисобот берилади.
Маҳалла раислари ўз ҳудудидаги амалга оширилиши лозим бўлган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида Ишчи гуруҳ аъзоси, айниқроқ айтганда, оддий ижрочи сифатида қатнашади.
Шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари ва ҳудуд аҳолиси фикрларини тинглаган ҳолда иш самарадорлигини янада ошириш бўйича ўз таклифларини билдириб боради.
Маблағларнинг тўғри сарфланишининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари ҳузурида ташкил этилган, сенаторлар, депутатлар ва жамоат фаолларидан иборат “Халқпарвар” комиссиялари ҳам фаол иштирок этади.
