Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси қонуни муҳокамаси 2021 йил 1 ноябрга қадар узайтирилди. Бу ҳақда Давлат тилини ривожлантириш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, дастлабки муҳокамаларда, хусусан, 15 кунлик муҳокама давомида лойиҳа 26 мингдан ортиқ киши томонидан кўриб чиқилган ва 1035 та фикр қолдирилган. Таклифларнинг 56 фоизи (547 таси) лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг ислоҳ қилинишини, 32 фоизи (302 таси) эса амалдаги алифбода қолишни ёқлаган.
Лойиҳада 2023 йил 1 январдан тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтилишини инобатга олган ҳолда, амалдаги алифбода мавжуд айрим мураккаб ҳарфларнинг шаклини ўзгартириш таклиф этилди. Муҳокамалар якунида лотин ёзувига асосланган янги алифбо қабул қилинса, амалдаги Ch, Sh, G‘ ва O‘ ҳарфлари Ç, Ş, Ḡ ва Ō га ўзгартирилади.
Шунингдек, муҳокамаларда алифбо такомиллашувини ёқлаганларнинг аксарияти ўзгаришларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган, шунингдек, кўпчилик C («Ts») ҳарфини алифбога киритиш ва Ng ҳарфини алифбодан чиқариб, имло қоидалари доирасида ўрганишни таклиф этган.

