Маълум қилинишича, бу таклиф давлат раҳбарининг 15–16 апрель куни Самарқандга ташрифи давомида қўллаб-қувватланган. Ташриф йиғилиш баёнида вилоят ҳокимлиги, Халқ депутатлари вилоят кенгаши котибияти, сайлов котибияти, иқтисодий тараққиёт, инвестиция, туризм, молия, бандлик бошқармалари ходимларини уларнинг иш самарадорлигига қараб, моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 1 апрелдан бошлаб ойлик маошларини икки бараваригача бўлган миқдорларда рағбатлантириб бориш таклифига розилик берилган.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматига 1 та (13–15 кишига мўлжалланган) микроавтобус белгиланган лимит доирасида маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан сотиб олинади. Ушбу микроавтобусдан вилоятда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ташкил этилаётган пресс-турларда фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, автомашина хариди ва уни расмийлаштириш Халқ депутатлари вилоят кенгашининг 30-сессиясида кўриб чиқилган ва вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан 499 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилган.
