12 май куни Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани Дўстлик маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи анҳордан 17 ёш қизнинг жасади топилган. Қиз Паст Дарғом туман Чандир қишлоғида яшовчи, шу тумандаги 45-мактабнинг 10-синф ўқувчиси бўлган. Бу ҳақда марҳуманинг яқинлари kun.uz га маълум қилган.
Қизнинг отаси Раҳматулла Суяров 11 май куни қизи рўза тутиш учун саҳарлик тайёрлашга уйғониб, бироздан сўнг йўқолиб қолган. Оиласидагилар уни йўқолиб қолганини соат тонгги бешларда пайқашган. Тезда излашни бошлаб, ИИБга хабар беришган. Кўп ўтмай қишлоқдаги анҳор яқинидан унинг қўл телефони ва оёқ кийими топилган.
12 май куни эрталаб тонги соат 5 лар атрофида қизнинг жасадини анҳордан кўзи боғланган ҳолда топилган. Топилган вақтда унинг юзида жароҳатлар, бурни устида тирноқ излари бўлган.
«Биз ўзимиз кўрган жароҳатлар, кейинроқ топилган гувоҳнинг сўзларидан келиб чиқиб, қизимизни тўрт нафар одам аввал номусига тегиб, кейин ўлдирган деган гумондамиз. Буни гумонланувчиларнинг ўзлари ҳам тан олишган», – деган марҳуманинг отаси.
Марҳуманинг яқинларига кўра, қиз йўқолган куни тонг саҳарда унинг қўлида бўлган телефонга бегона рақамдан жавобсиз қўнғироқ бўлган.
«Рақам эгасини топдик. Шу қишлоқда яшовчи йигит Ҳ.О. экан. У нима сабабдан қўнғироқ қилганини айтиб берди. Унга кўра, Ҳ.О. 11 май куни тонг саҳарда тўрт нафар боланинг қизимизни қуваётганини кўрган. Уларни инсофга чақирган, кейинроқ улардан икки нафари Ҳ.О.нинг қўлидаги телефондан қизга қўнғироқ қилган», – дейишган қизнинг яқинлари.
Самарқанд вилоят прокуратурасининг ҳуқуқий ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими масъул ходимига кўра, дастлабки маълумотларга асосан мазкур ҳолатда қотиллик содир бўлмагани ва қиз ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Прокуратура масъул ходимига кўра, ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертиза тайинланган бўлиб, унинг натижаси кўп саволларга ойдинлик киритади. Таъкидланишича, тез орада воқеа юзасидан расмий маълумот берилади.
