Наманганда бир кеча тунаган уйидан 52 млн сўм ўғирлаган тошкент вилоятилик қиз ушланди - YANGILIK .RU yangilik.ru
  • Pay. Iyul 7th, 2022

YANGILIK .RU

АХБОРОТ ПОРТАЛИ

Наманганда бир кеча тунаган уйидан 52 млн сўм ўғирлаган тошкент вилоятилик қиз ушланди

ByМухбир

May 25, 2021

Ангренлик Ирина Андреева (исм-фамилиялар шартли) ўтган 2020 йилда Андижон шаҳрида яшовчи Владислав Тимофеев билан ижтимоий тармоқлар орқали танишиб қолади. Аввалига ана шу алоқа воситалари орқали боғланиб турган бу йигит билан қиз кўп ўтмай учрашишга қарор қилишади.

Шу мақсадда Ирина 2020 йил 21 июль куни тахминан соат 16:00ларда Андижонга қараб йўл олади. Аммо ўша пайтларда карантин чоралари кучайтирилгани боис Намангандан Андижонга ўта олмайди. Буни эшитган В.Тимофеев эса қизга меҳрибонлик қилиб, телефон орқали Наманган шаҳридан бир кеча тунаш учун жой топиб беради.

Шундан сўнг уй эгаси Б.Д. қизни хонадонига олиб кетади. Манзилга етиб боришгач мезбон меҳмонни алоҳида хонага жойлаштиради. Орадан бироз вақт ўтгач эса у И.Андреевадан пулларини тахлашда ёрдамлашишини илтимос қилади. Табиийки, қиз бу илтимосни рад этмайди. Бироқ…

Бироқ пулларни тахлаш мобайнида Иринанинг фикри бузилади. Яъни қандай бўлмасин ана шу пулларни қўлга киритиш йўлини излай бошлайди. Шу мақсадда аввалига хонадон соҳибидан Владиславга қўнғироқ қилиб олиш учун уяли телефонини сўрайди. Соддадил Б.Д. бўлса ҳеч нарсадан шубҳаланмай, телефонини унга бериб, очиш кодини айтади. Шунингдек, гаплашиб бўлгач, қувват олдириш учун электр тармоғига суқиб қўйишини тайинлайди. Ўзи эса дам олиш учун хонасига кириб кетади. Бу эса ғараз ниятини амалга ошириш учун пайт пойлаб ётган И.Андреевага жуда қўл келади.

Шунга қарамай, “меҳмон” қиз шошилмайди. Яъни тун ярмидан ошгунча қимирламай ётади. Соат тахминан 03:00ларда ошхонага кириб, пулларни қидириб топади. Пуллар 51.825.000 сўм эди. Пулга қўшиб уй эгасининг баҳоси 2.000.000 сўмлик бўлган “Huawei P smart” телефонини ҳам олиб, хонадонни тарк этади. Кейин 200 минг сўм эвазига ўзи учун алоҳида такси ёллаб, Ангренга қайтади.

Уй эгаси эрталаб уйғониб қараса-ки, қиз ётган ўрнида йўқ. Шунда унинг кетиб юборганини англаган Б.Д. дарҳол пулларни қўйган жойни қарайди. Кўнгли сезганидек пул солинган қора елим ҳалта жойида йўқ эди. Шундан сўнг у ИИБга ариза билан мурожаат қилади. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида эса Ирина Андреева қўлга олинади. Сўнгра унга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилади.

Тергов давомида Ирина ўғирлаб кетган пулининг 5.000.000 сўмини қайтариб беради. Пандемия муносабати билан тергов органи томонидан ундан тилхат олиниб, терговга чақирганда келиши тушунтирилади ва огоҳлантирилади. Аммо пандемия талаблари енгиллаштирилгандан сўнг ҳар қанча чақирилмасин, қиз терговдан яшириниб юраверади. Оқибатда, унга нисбатан қидирув эълон қилинади. 2021 йил 16 январь куни эса ушланиб, қамоққа олинади.

Буни қарангки, суд мажлисида И.Андреева тез кунда ишлаб жабрланувчига етказилган зарарни қайтаришини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдиради. Шу билан бирга, ёшлигини рўкач қилиб, қонуний енгиллик берилишини сўрайди.

Суд жиноят иши бўйича етказилган зарарни ундириш ва ашёвий далилларни кейинги тақдирини муҳокама қилиб, ўғри қизга нисбатан узил-кесил ўташ учун 1 йил 10 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Озодликни чеклаш жазосини ўташ даврида Ирина Андреевага кеч соат 22:00дан эрталаб 06:00га қадар яшаш хонадонида бўлиш, Ангрен шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг рухсатисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, Тошкент вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш, ўқиш ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиш, кўнгилочар ўйинлар ўйналадиган компьютерхоналарга, тунги клубларга, кафе, барларга бормаслик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик ва алкогол маҳсулотлар сотиладиган жойларда бўлмаслик ҳамда жабрланувчи фойдасига жиноят оқибатида етказилган 51.825.000 сўм моддий зарарни 6 ой муддатда тўлиқ қоплаб бериш мажбурияти ҳам юклатилди.

199