Бухорода 96 ёшли уруш фахрийсига топширилган пуллар қайтариб олингани айтилган видеога изоҳ берилди - YANGILIK .RU yangilik.ru
  • Shan. Dek 10th, 2022

YANGILIK .RU

АХБОРОТ ПОРТАЛИ

Бухорода 96 ёшли уруш фахрийсига топширилган пуллар қайтариб олингани айтилган видеога изоҳ берилди

ByМухбир

May 26, 2021

Бухоро вилояти Шофиркон туманида 96 ёшли Ж.М.га уруш фахрийси сифатида Хотира ва қадрлаш куни арафасида пул мукофоти тантанали тарзда топширилгани, бироқ ушбу маблағ яна қайтариб олиб кетилгани тўғрисида хабар тарқалганди. Вилоят ҳокимлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Бухоро вилоятида 19 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 658 нафар фронт орти меҳнат фахрийси бўлиб, байрам арафасида уларнинг ҳолидан хабар олинган. Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармонига асосан, республиканинг барча ҳудудларида бўлгани каби Бухоро вилоят ҳудудида истиқомат қилувчи 19 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига Президент табриги, қимматбаҳо совғаси ҳамда 12 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти байрам арафасида уларнинг яшаш хонадонига ташриф буюрган ҳолда жамоатчилик вакиллари, ҳарбийлар ва ёшлар иштирокида топширилган.

Бундан ташқари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига вилоят ҳокимлиги томонидан 3 миллион сўмдан пул мукофоти, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда ҳомийларнинг совғалари тақдим этилган.

Президент фармонига мувофиқ, пул мукофоти бериладиган 19 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси билан бир қаторда фронт орти меҳнат фахрийлари, урушга кетиб қайтиб келмаганлар ҳамда бедарак йўқолганларнинг оила аъзоларига вилоят ҳокими ҳамда Мудофаа ишлари вилоят бошқармаси бошлиғи номидан табрикномалар тайёрланиб, Хотира ва қадрлаш куни арафасида етказилган.

Бухоро вилояти бўйича рўйхатга олинган 658 нафар фронт орти меҳнат фахрийлари қаторида қайд қилинган Ж.М.нинг яшаш уйига 7 май куни Шофиркон тумани Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими ҳамда Халқ банки масъул ходимлари борган. Ж.М.ни байрам билан қутлаган, оила аъзолари ва фарзандлари иштирокида вилоят ҳокими номидан тайёрланган табрикномани ўқиб бериб, тантанали равишда тақдим этган.

Ж.М. ва унинг оила аъзолари табрикнома билан бирга пул мукофоти ҳам бор-йўқлигини сўраган. Масъуллар Ж.М.га вилоят ҳокими номидан топширилган табрик байрамолди кекса авлод вакилларини йўқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш истагида тайёрланганини, бу ўринда пул мукофотлари бериш назарда тутилмаганини маълум қилган.

Шунингдек, нуронийга май ойи учун тайинланган пенсия 5 май куни (вақтидан икки кун илгари) берилгани айтилган. Кейинги ойлар учун пенсия пуллари ҳам вақтида етказиб берилиши таъкидланган.

Ж.М.нинг Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида яшаб, ўша ерда ишлаётган набираси А.М. ижтимоий тармоқларда Президент фармони билан бобосига берилиши керак бўлган пул мукофоти берилмагани ҳақида асоссиз маълумотларни тарқатган.

Шунингдек, нуронийлар учун «Фуқаролар давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунига асосан, 1941–1945 йиллардаги уруш даврида мамлакат ичкарисида ишлаган ва ҳарбий мажбуриятни бажарган шахсларга пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 30 фоизи миқдорида устама белгиланган.

Бундан ташқари, уй-жой коммунал хизматлари бўйича бериладиган имтиёзлар ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг яна 25 фоизи миқдорида компенсация ойма-ой тўлаб келинмоқда.

190