Бухорода 3 асрлик тарихга эга масжид аниқланди - YANGILIK .RU yangilik.ru
  • Pay. Iyul 7th, 2022

YANGILIK .RU

АХБОРОТ ПОРТАЛИ

Бухорода 3 асрлик тарихга эга масжид аниқланди

ByМухбир

Iyun 3, 2021

Бухоро вилояти Қоракўл туманида 3 асрлик тарихга эга масжид аниқланди. Бу ҳақда вилоят Маданий мерос бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Қоракўл туманидаги Шўработ маҳалла раисининг мурожаатига асосан маҳалла ҳудудида жойлашган қадимги масжид биноси Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси мутахассисилари томонидан ўрганилган. Аниқланишича, масжид биноси ХIX асрнинг иккинчи ярмида, яъни 1884–85 йилларда маҳалла-гузар масжиди сифатида қурилган бўлиб, 3 асрлик тарихга эга.

Масжид ёғоч конструкцияли бўлиб, квадрат шаклли бир устунли, ўймакори тўсин ва васса ёпилган. Устун, тўсин ва «боғдоди» эшиклари ёғоч ўймакорлиги билан безатилган. «Г» ҳарфи шаклидаги етти устунли айвони ҳозирда сақланмаган, унинг ўрнида ХХ аср охирларида қурилган айвон мавжуд.

Ҳозирги кунда ушбу масжидда қишлоқ кутубхонаси (Қоракўл тумани кутубхонаси филиали) жойлашган.

Шунингдек, ўрганиш ишлари натижасида масжид устунига ўйиб ёзилган тарихий ёзув, араб алифбоси асосидаги форс тилида насталиҳ хатидаги ёзув экани ва у қуйидаги мазмунга эга экани аниқланган:

Форс тилида «Ин масжидро бино кард Рўзибой ибн Ғайбуллобой 1304», яъни «Бу масжид Ғайбуллобой ўғли Рўзибой томонидан ҳижрий 1304 йилда қурдирилган», деган сўзлар ёзилган.

Мазкур масжиднинг тарихий ва бадиий қийматга эга экани инобатга олиниб, уни моддий-маданий мерос ёдгорлиги сифатида рўйхатга олиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

96