Бухородан Тошкентга 3 тоннага яқин истеъмолга яроқсиз гўшт олиб кетилаётгани аниқланди - YANGILIK .RU yangilik.ru
  • Jum. Yan 27th, 2023

YANGILIK .RU

АХБОРОТ ПОРТАЛИ

Бухородан Тошкентга 3 тоннага яқин истеъмолга яроқсиз гўшт олиб кетилаётгани аниқланди

ByМухбир

Iyun 6, 2021

Навоий вилояти Кармана туманида жойлашган «Самарқанд» ЙПХ постида Бухородан келиб чиқиши номаълум бўлган йирик шохли қорамол гўштини ветеринария-санитария қоидалари талабларига зид равишда Тошкентга олиб кетаётган ҳайдовчилар аниқланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, 3 июндан 4 июнга ўтар кечаси, тахминан, соат 23:20 ларда Навоий вилояти Кармана туманида жойлашган «Самарқанд» ЙПХ масканида Бухоро—Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Бухоро вилояти, Пешку туманида яшовчи Н.Ҳ. бошқарувидаги Lacetti Навоий вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси ходимлари томонидан тўхтатиб текширилганда, автомобиль юкхонасида 105 килограмм келиб чиқиши номаълум бўлган йирик шохли қорамол гўштини ветеринария-санитария қоидалари талабларига зид равишда Тошкент шаҳрига сотиш мақсадида олиб кетаётганлиги аниқланган.

4 июндан 5 июнга ўтар кечаси соат 00:25 ларда эса Бухоро—Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Бухоро вилояти, Пешку туманида яшовчи О.А. бошқарувидаги Isuzu юк машинаси Навоий вилоятида тўхтатиб текширилганда, автомобиль юкхонасида келиб чиқиши номаълум бўлган 160 килограмм йирик шохли қорамол гўшти, 200 дона йирик шохли қорамолнинг каллалари ҳамда 12 та қопда 1500 килограмм бўлган товуқ гўшти, жами 3 тоннага яқин маҳсулотларни олиб кетаётганлиги аниқланган.

Маҳсулотларнинг сифатига аниқлик киритиш мақсадида вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ҳамда масъул ходимлар томонидан текширилганда, фуқаро ушбу гўшт маҳсулотларини ветеринария-санитария қоидалари талабларига зид равишда Тошкент шаҳрига сотиш мақсадида олиб кетаётганлиги маълум бўлган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 109-моддаси (ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш)га асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тушунтириш ишлари олиб борилган.

84