Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида 11 июнь куни «Nexia» билан тўқнашган «Lacetti» ёниб кетди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, воқеа соат 22:30 атрофида Ангрен шаҳар ҳудудидан ўтувчи А-373 автомобиль йўлининг 180-километрида содир бўлган. Аниқланишича, 39 ёшли Р.С. бошқарувидаги «Lacetti» ҳамда 59 ёшли фуқаро М.Ю. бошқарувидаги «Nexia» автомобили тўқнашган. Тўқнашув сабаб «Lacetti» машинасида ёнғин юзага келган.
Таъкидланишича, ёнғин бартараф этилган. Шунингдек, тўқнашув оқибатида «Lacetti» автомашинасининг 32 ёшли йўловчиси Н.Ш. тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.
Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Ангрен шаҳар ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
