Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Россия президенти Владимир Путиннинг сўзлари ва минтақа халқларининг Бутунжаҳон конгресси иштирокчилари мурожаатидан сўнг янги муддатга сайланишга рози бўлди. Бу ҳақда “ТАCC” хабар берди.
Хабарда айтилишича, “Ягона Россия” минтақавий бўлими Чеченистоннинг амалдаги раҳбарини янги сайловга номзод қилиб кўрсатган. Яширин овоз бериш натижасида партия аъзолари бир овоздан Қодиров номзодини қўллаб-қувватлаган.
“Биласизми, сайловларда иштирок этиш масаласи мен учун сўнгги дақиқагача очиқ бўлиб қолди. Мен ўзим учун қатъий қарор қилиб, ҳатто аҳолининг бир неча фоизи бунга қарши бўлса ҳам номзод сифатида қатнашмаслигимни билдиргандим.
Чеченистон халқлари Бутунжаҳон конгресси делегатлари ва менинг ‘Ягона Россия’ партиясидаги ҳамкасбларим, шунингдек, Владимир Путин сабабли якуний хулоса чиқариб, сайловларда иштирок этишга розилик бердим”, — деди Қодиров.
Шунингдек, Чеченистон раҳбари сайловда ваъдалар бериш ва сайловолди ташвиқотига вақт сарфламоқчи эмаслиги, аксинча, халқ фаровонлигини ошириш учун аниқ чоралар кўришини айтган.
Маълумот щрнида, Қодиров ҳозир 44 ёшда, у Чеченистонни 14 йилдан ортиқ бошқариб келмоқда. У 2016 йил 97 фоиз овоз тўплаб, 2000 йилдан бери Россия минтақалари раҳбарлари томонидан ўтказилган тўғридан-тўғри сайловларда кузатилмаган кўрсаткични қайд этган.
Чеченистон раҳбари учун тўғридан-тўғри сайловлар ва минтақавий парламентнинг янги таркиби 2021 йил 19 сентябрда битта овоз бериш кунига белгиланган. Қодиров илгари сайловларда иштирок этиш тўғрисида якуний қарорни жамоатчилик фикри ўрганилгандан сўнг қабул қилмоқчи эканлигини айтган эди.
Олдин чоршанба куни Чеченистон Республикаси Халқлари Бутунжаҳон Конгресси иштирокчилари Қодировдан ўзини яқинлашиб келаётган вилоят раҳбарини яна бир муддатга сайлаш учун илтимос қилишни сўраб қарор қабул қилдилар.
Шу ҳафта Россия президенти Қодировга яна вилоят раҳбари учун сайловга боришни таклиф қилди. Республика раҳбарига сўнгги сайловлар 2016 йил 18 сентябрда бўлиб ўтган эди.
