Жорий йилнинг 11 июль куни Фарғона вилояти Бувайда туманида аёл жонига қасд қилиш мақсадида ўзини поезд тагига ташламоқчи бўлди . Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат 11 июль куни соат 22:30 ларда Қўқон–Бувайда темир йўл бекатларининг 22-километрида содир бўлган. Бувайда тумани Жилва қишлоғида яшовчи фуқаро Ў.З. ўзини поезд остига ташламоқчи бўлган вақтида ТХТБ патруль-пост хизмати ходими уни ушлаб қолган.
Хабарга кўра, олиб борилган суриштирув ишлари натижасида фуқаро Ў.З. оилавий жанжал туфайли ўз жонига қасд қилмоқчи бўлгани аниқланган. Шундан сўнг ушбу фуқаро билан ота-онаси, маҳалла раиси ва маҳалла фаоллари иштирокида профилактик суҳбат ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди. Жилва маҳалла фуқаролар йиғини раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари мураббий этиб бириктирилди.
