«Толибон» ҳаракати босиб олган ҳудудларида қандай фаолият юритаётгани маълум бўлди - YANGILIK .RU yangilik.ru
  • Pay. Iyul 7th, 2022

YANGILIK .RU

АХБОРОТ ПОРТАЛИ

«Толибон» ҳаракати босиб олган ҳудудларида қандай фаолият юритаётгани маълум бўлди

ByМухбир

Iyul 17, 2021

Афғонистон аҳолиси «Толибон» ҳаракатининг босиб олинган ҳудудларда қандай ишлар қилаётгани ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда «РБК» хабар қилди.

Маълум бўлишича, Кобул ҳанузгача ҳукумат армияси томонидан назорат қилинмоқда, аммо фуқаролар келажаги қандай бўлиши ҳамон номаълум. 

«Одамлар мавжуд вазиятдан тушкунликка тушмоқда. ‘Толибонʼ ҳаракати ёшлар ва ўсмирларни Афғонистон ҳукуматига қарши курашга сафарбар қилмоқда. Улар аёллар ва қизларга ўзларининг назорати остидаги шаҳарларда ҳам юришни тақиқлаган», — деган Афғонистон пойтахтида яшовчи Салим Амини.

Россия Халқлар дўстлиги университети талабаси Аҳмад Санор Накибининг айтишича, нафақат Кобул, балки бошқа шаҳарлар ҳам хавфли бўлиб қолган. Мамлакат шимолидаги Мозори-Шариф шаҳридан ҳам кўпчилик уйини ташлаб, мол-мулкини сотиб, кўчиб кетмоқда.

Кобулда яшовчи яна бир фуқаронинг айтишича, одамлар «Толибон» ҳаракатидан эмас, балки радикаллар ва ҳукумат ўртасида кенг миқёсли фуқаролик уруши бошланишидан қўрқаётган бўлиб, ҳаракат назорат қилаётган ҳудудларда одамлар хавфсизлиги, ҳукумат назорати остидаги ҳудудларда эса бетартиблик ҳукм сурмоқда.

Афғонистон шимолида жойлашган Сари-Пул вилоятида яшовчи эркакнинг айтишича, баъзи қўшнилари ҳаракатга таслим бўлган, бошқалари эса ўз уйларини ҳимоя қилишга тайёр. Юзлаб оилалар аллақачон ўз маҳаллаларини тарк этган бўлиб, иссиқ ва очликдан азият чеккан ҳолда вилоят марказларида яширинишга ҳаракат қилмоқда. Ҳаракат босиб олган ҳудудларда эса ўнлаб тинч аҳоли ҳалок бўлган.

68