Тошкент шаҳар Учтепа туманида 23 июль куни 4 нафар эркак дўконга кириб, сотувчига пичоқ билан таҳдид қилди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, воқеа соат 13:55 атрофида туманда жойлашган Олтинтепа кўчасидаги дўконда содир бўлган. Аниқланишича, 4 нафар номаълум шахс дўконга кириб, 26 ёшли сотувчи Ҳ.И.га пичоқ билан таҳдид қилиб, телефон ва 4 000 000 сўм пулни олиб, воқеа жойидан яширинган.
Шунингдек, кўрилган тезкор чоралар давомида гумонланувчилар муқаддам судланган 47 ёшли Д.Л., 43 ёшли В.Н., 45 ёшли А.К. ва 37 ёшли Д.Ш.лар экани маълум бўлган. Ҳозирда Д.Л. ва В.Н. қўлга олинган. Шу билан бирга, 45 ёшли А.К. ва 37 ёшли Д.Ш.га қидирув эълон қилингани айтилган.
