Жанубий Африка Республикасининг қатор ҳудудларида совуқ ҳаво ҳарорати бўйича энг паст кўрсаткичлар қайд этилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди
Хабарда қайд этилишича, баъзи ҳудудларда қор ёққан. Аномал ҳаво ҳарорати камида 19 та ҳудудда қайд этилган.
Йоханнесбургдаги ҳарорат минус еттига тушган бўлиб, аввалги рекорд — минус 6,3 даража 1995 йил 19 июлда ўрнатилганди. Энг паст ҳарорат Кимберли шаҳрида қайд этилган — минус 9,9 даража. Аввалги рекорд 2000 йил июлда қайд этилган — минус 8,1 даража.
Маълум бўлишича, мамлакатнинг айрим ҳудудларига қор ёққан, метеорологларнинг тахмин қилишича, тез орада ҳарорат нормаллашади.
«Инсоният иқлим тизимининг тахминан 5 фоизга ошишига сабаб бўлган ҳолда вазиятни ўзгартириб юборди. Бу ‘шимол–жануб’ минтақавий йўналиши бўйича ҳаво массаларининг ҳаракати тобора кучайиб боришига олиб келди. Бу жараёнларнинг барчаси табиийдир, лекин улар антропоген таъсир билан кучайган. Уларнинг частотаси кўпаяди, аммо бу бизнинг иқлимимизни тубдан қайта ўзгартирадиган нарса эмас», — деган климатолог Алексей Кокорин.
