Тошкент вилояти Паркент туманидаги Қизилсойда чўмилган аёл 20 июль куни «самосуд» қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати ҳолат бўйича муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат Паркент тумани ИИБ Навбатчилик қисмида 2021 йил 20 июль куни рўйхатга олинган. Унга кўра, Паркент тумани, Невич маҳалласида яшовчи 1984 йилда туғилган фуқаро М.М.(аёл) маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи «Қизилсой» сойида чўмилаётган 1987 йилда туғилган фуқаро Д.Г.(аёл)ни ёнига бориб, бу сувдан ичишини айтган ва у билан жанжаллашган. Шундан сўнг Д.Г.нинг эгнида бўлган кийимларини зўрлик билан ечиб ташлаган. Уни уриб-тепиб тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Паркент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми ва 140-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
