Ижтимоий тармоқларда Денов туманида яшаган Ҳасан Хушматовни ички ишлар ходимлари мажбурлаб идорага олиб кетиб, ваҳшийларча қийнаб ўлдиргани ҳақида хабарлар юзасидан Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов изоҳ берди.
Аниқланишича, 10 июль куни Денов тумани Оқтом маҳалласида яшовчи фуқаро Ю.Х. туман ички ишлар бўлимига акаси Ҳасан Хушматов маст ҳолда яшаш уйида жанжал қилиб, тинчлигини бузаётгани ҳақида хабар берган.
Шунга асосан, туман ИИО ФМБ профилактика инспектори ва унинг икки нафар ёрдамчиси Ҳ.Х. нинг хонадонига келиб, уни туман ИИБга олиб кетишган. Йўлда профилактика инспекторининг ёрдамчилари Ҳ.Х. ни бир неча бор уриб тан жароҳати етказган. Оқибатда фуқаро Ҳ. Ҳ. 11 июль куни шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Денов туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 104 ва 206-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида 2 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
