Россияда мажбурий меҳнатга жалб қилинган ўзбекистонлик фуқаролар ватанга қайтарилди - YANGILIK .RU yangilik.ru
  • Pay. Iyul 7th, 2022

YANGILIK .RU

АХБОРОТ ПОРТАЛИ

Россияда мажбурий меҳнатга жалб қилинган ўзбекистонлик фуқаролар ватанга қайтарилди

ByМухбир

Avg 5, 2021

Россияда бахтсиз ҳодисага учраган ва мажбурий меҳнатга жалб қилинган фуқаролар Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ахборот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг апрель ойида Андижондан Л.К. турмуш ўртоғи К.К. билан биргаликда Россиянинг Самара шаҳридаги иссиқхонада ишлаш мақсадида кетган. Иш жараёнида иш берувчи томонидан фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари (паспортлари) олиб қўйилиб, 3 ойдан ортиқ муддатда мажбурий меҳнатга жалб қилинган.

Юртдошларимизнинг мурожаатига асосан тезкор тартибда маҳаллий ички ишлар идоралари жалб қилиниб, уларнинг паспортлари олиб берилди ва вақтинча яшаш учун хостелга жойлаштирилди.

Бундан ташқари, фуқаро У.Д. жорий йилнинг май ойида Новосибирск шаҳрига ишлаш мақсадида келиб, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаш жараёнида бахтсиз ҳодисага учраб, шифохонага жойлаштирилган. Шифокорларнинг тиббий муолажаси натижасида чап қўли панжалари ампутация қилинган ва меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган.

Шунингдек, яна бир андижонлик Қ.К. оиласидаги молиявий қийинчилик сабаб Россияга жорий йилнинг май ойида ишлаш мақсадида кетган. Дастлаб Москва шаҳрига бориб, иш тополмагач Самара шаҳрига борган. Самарада ҳам иш тополмай Магадан шаҳрига кетган. Фуқаро пандемия даврида иш тополмаганлиги, коронавирус касалигини юқтириб олганлиги сабабли руҳий тушкунликка ва мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолади.

Юқоридаги фуқаролар Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бугун, 4 август куни Қозон-Тошкент, Новосибирск-Тошкент, Магадан-Новосибирск-Тошкент йўналишида Ўзбекистонга қайтарилди.

70