Хабарга кўра, Сариосиё туманида яшовчи К.Ш., Б.Ф., М.М. ва У.М.лар 5 август куни соат 23:30 ларда Узун туманида жойлашган ресторанга борган. К.Ш. ресторан эгаси А.Қ. билан ўзаро тортишиб, ўзи билан олиб юрган ўқотар қуроли, яъни «Макаров» тўппончасига ўхшаш пневматик қуролини қўллаш билан таҳдид қилиб, ушбу қуролдан бир неча маротаба осмонга қаратиб ўқ узган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Мазкур ҳолат юзасидан, тезкор-тергов ҳаракатлари давомида 1 дона пневматик қурол аниқланиб, келгусида текшириб кўриш ва жиноят ишига далил сифатида қўшиш учун холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган. Узун туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан 6 август кунида фуқаро К.Ш. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, шу куннинг ўзида гумон қилинувчи К.Ш. ушланиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирги кунда Узун туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
