Хоразм вилояти Хонқа туманида 8 июль куни С.М. исмли аёл пластик маҳсулотларни майдаловчи станок ичига тушиб кетиб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Прокуратураси ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, туманнинг Мустақиллик маҳалласида жойлашган «Қорақош таъмир пласт сервис» корхонасида 8 июль куни соат 09:15 атрофида аёл пластик маҳсулотларни майдалаш бўлимидаги техника хавфсизлиги талабига жавоб бермайдиган қўлбола станокда ишлаётган вақтида унинг ичига тушиб кетган. Оқибатда чап елка соҳаси юқори учлиги, чаноқ-сон бўғими, чап оёғи жароҳатдан кейинги тўлиқ ампутацияси билан боғлиқ тан жароҳатлари олиши натижасида ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, текширув ўтказилганда ҳолатга корхонада ходимларнинг хавфсизлик техникаси талаб ва қоидаларига риоя қилмаслиги, ходимларга хавфсиз меҳнат усуллари ўргатилмагани, ишчилар меҳнат муҳофазаси бўйича ўқитилмагани, корхонада ишларнинг нотўғри ташкил этилиши ва иш жойида хавфсиз меҳнат шароити яратилмагани, аёлнинг техника хавфсизлиги қоидаларини билмаслиги, майдалаш ва ювиш ускунаси ичига тушиб, пластик чиқиндилардан тозалашга урингани сабаб бўлгани аниқланган.
Таъкидланишича, корхона раҳбари Ш.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
