Давлат солиқ қўмитаси «нақдлаштирувчи фирмалар» билан курашишни бошлади - YANGILIK .RU yangilik.ru
  • Pay. Dek 8th, 2022

YANGILIK .RU

АХБОРОТ ПОРТАЛИ

Давлат солиқ қўмитаси «нақдлаштирувчи фирмалар» билан курашишни бошлади

ByМухбир

Fev 17, 2021

«Нақдлаштирувчи корхоналар» товарларни сотмайди ва хизматларни кўрсатмайди, балки пул маблағларини нақдлаштиради ҳамда сохта ҳужжатларни расмийлаштиради. Бу хақда ДСҚ Матбуот хизмати хабар берди

Мисол учун, 100 миллион сўмлик битта ҳисобварақ – фактура билан «нақдлаштирувчи корхоналар» ноқонуний равишда 15 млн.сўм пул ишлайди. Ваҳоланки, виждонли тадбиркор бундай даромад олиш учун бир ой ёки ундан ҳам кўпроқ вақт меҳнат қилиши керак.

Бундан ташқари, сохта ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар) рўйхатдан ўтказилгандан сўнг, ҚҚС тўловчилари ҳисобот даври натижаларига кўра ҳисобварақ-фактураларда кўрсатилган ҚҚС миқдорларини ҳисобга олиш орқали тўланадиган солиқ миқдорини камайтирадилар ва бунинг натижасида давлат бюджетига зарар етказадилар.

«Бир кунлик фирма»ларнинг фаолияти ноқонуний бўлишига қарамай, яқин вақтгача улар билан курашишнинг самарали механизми мавжуд эмас эди.

Хориж тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, Давлат солиқ қўмитаси давлат бюджетига етказилган зарарни қисқартириш мақсадида «нақдлаштирувчи корхоналар» фаолиятини чеклаш механизмини жорий этмоқда.

Хусусан, солиқ хавфини бошқариш ва таҳлил қилиш натижасида солиқларни камроқ тўлаш мақсадида, пул маблағларини нақдлаштириш билан шуғулланувчи 396 та «бир кунлик фирмалар» хизматидан фойдаланган 10 мингга яқин ташкилотлар рўйхати шакллантирилди.

Бюджетга тўланмаган қўшилган қиймат солиғи суммасини ўрнини қоплаш мақсадида, 396 та «шубҳали» корхоналар ва уларнинг деярли 10 мингга яқин бизнес ҳамкорларининг шахсий кабинетларига 5 кун муддатда инкассо топшириқномалари қўйилиши бўйича хабарномалар юборилган.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Кудбиев раҳбарлигида ўтказилган навбатдаги йиғилишда «нақдлаштирувчи фирма» ва корхоналарни аниқлаш механизмини жорий этиш масаласи муҳокама қилинди ва қуйидагилар қабул қилинди:

1. Янги механизмга ўтиш даврини ҳисобга олган ҳолда, истисно тариқасида, 17 февраль эрталаб соат 10:00 дан олдин «бир кунлик» фирмалар билан шубҳали опреацияларни амалга ошириганлиги хавфи нисбатан кам бўлган 2960 тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларига жойлаштирилган инкассо топшириқлари 2021 йил 1 мартгача вақтинчалик бекор қилинди;

2. Реестрга киритилган шубҳали корхоналар билан операцияларни амалга оширган хўжалик юритувчи субъектларга битимларни ўрганиб чиқиш учун камерал солиқ текширувини ўтказиш бўйича Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилиш имконияти берилди. Ижобий хулоса қилинган тақдирда, инкассо топшириқномаларини бекор қилиш ва илгари камайтириб кўрсатилганлиги учун ундирилган маблағларни қайтариб берилиши таъминланади.

3. «нақдлаштирувчи фирма »ларни аниқлаш юзасидан амалиётга жорий қилинган янги механизмни аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тушунтириш ишларни қониқарсиз олиб борганлиги, шунингдек солиқ тўловчилар билан етарли даражада ишни ташкил этмаганлиги учун Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, Тошкент шаҳар ДСБ Камерал назорат ва ҚҚС маъмурчилиги бўлимлари ҳамда ДСҚ Матбуот хизмати бошлиқларига хайфсан берилди.

Маълумот сифатида, шуни маълум қиламизки, 2021 йил 16 февралда Давлат солиқ қўмитасига ариза юборган 57 та корхонада ўтказилган солиқ назорати тадбирларининг дастлабки натижаларига кўра қуйидагилар аниқланди:

– 52 та корхона ёки 91,3% ҳолларда «уйдирма» операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланди;

– 1 та корхона учун ёки 1,7% ҳолларда «хаёлий» операцияларни амалга ошириш ҳолати  тасдиқланмади, шу сабабли ортиқча олинган  маблағларни қайтариш бўйича тазкор жараёнлар бошланди;

– 4 та ташкилотда ёки 7% ҳолатларда ноқонуний ҳисобга олиш  қисман тасдиқланган.

Шунингдек, биргина Тошкент шаҳрида 74 корхона ноқонуний ҳисобга олганлигини тан олиб ихтиёрий равишда 4,6 миллиард сўм миқдоридаги маблағ бўйича қайта ҳисоб китобни амалга оширди.

Қўшмимча маълумотлар, шунингдек «нақдлаштирувчи фирма»лар ва уларнинг мижозларини аниқлаш юзасидан амалиётга жорий қилинган механизм принцпилари бўйича маълумотлар олиш учун ДСҚ Call –марказининг 1198 қисқа рақамлари доимий ишлаб турибди.

190